“Фарғонаазот” акциядорлик жамияти бошқарув раиси Абдупатто Тўланович Салижанов “Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги фидойиси” кўкрак нишони билан тақдирланди.
Фарғона вилояти қишлоқ хўжалиги ходимлари куни катта шодиёна билан нишонланди. Унда тўкинлик ва фаровонлик ижодкорлари – бободеҳқонларнинг, бутун вилоят аҳлининг меҳнати яна бир бор улуғланди.
Фарғона вилояти азал-азалдан ўзининг деҳқончилик маданиятига эга бўлиб, ушбу соҳада тўпланган тажрибалар йилдан-йилга ошиб бормоқда. Бунинг яққол мисоли, вилоят пахтакорлари икки йилдан буён шартномавий режани республикада биринчи бўлиб бажариб келмоқдалар. Фарғоналикларнинг ғалла етиштириш бобида ҳам салоҳиятлари ўзига хос ўринга эга.
Фарғона шаҳридаги “Файз” тантаналар мажмуасида бўлиб ўтган тадбирда қишлоқ хўжалиги ходимларининг меҳнати яна бир бор улуғланди. Вилоят ҳокими Хайрулло Бозаров барча соҳа ходимларини байрам билан қутлаб, бу йилда эришилган ютуқларни эътироф этди, келгуси йил вазифаларига эътибор қаратди.
Тантанали тадбирда бир гуруҳ фидойи ҳамюртларимизга “Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги фидойиси”, “Сув хўжалиги аълочиси”, “Меҳнаткаш деҳқон”, “Илғор фермер”, “Намунали томорқачи” сингари кўкрак-нишонлари тақдим этилди. Шунингдек, жорий деҳқончилик йилида ютуқларга эришган бир гуруҳ соҳа вакилларига вилоят ҳокимлигининг фахрий ёрлиғи ва эсдалик совғалари топширилди. Шу қаторда “Фарғонаазот” акциядорлик жамияти бошқарув раиси Абдупатто Тўланович Салижанов ҳам “Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги фидойиси” кўкрак нишони билан тақдирланди.
“Фарғонаазот” акциядорлик жамияти меҳнат жамоаси, ушбу эътироф муносабати билан “Фарғонаазот” акциядорлик жамияти бошқарув раиси Абдупатто Тўланович Салижановни чин дилдан самимий мубарокбод этади.
“Фарғонаазот” акциядорлик жамияти Матбуот хизмати