“Фарғонаазот” АЖ Ёшлар Кенгаши Фарғона вилоятида “Ёшларга оид давлат сиёсати”ни амалга оширишдаги фаол иштироки учун тақдирланди
Мамлакатимизда ёш авлодни баркамол этиб тарбиялаш, уларнинг мустақил ҳаётга дадил қадам қўйишларига шароит яратиш, ёшларни маданият, санъат, жисмоний тарбия ва спортга жалб этиш, замонавий ахборот технологиялари саводхонлигини ошириш, китобхонлик маданиятини юксалтириш каби долзарб вазифаларни ўз ичига олган 5 та муҳим ташаббусни амалга ошириш мақсадида бутун республикамиз бўйлаб 18-25 декабрь кунлари “Ёшлар фестивали” ўтказилди.
Фарғона шаҳар Санъат саройида ёшлар фестивалининг якуний босқичи бўлиб ўтди. Унда вилоятимизнинг ташаббускор ва фаол, иқтидорли ва истеъдодли, тадбиркор ва зукко ёшлари иштирок этишди.
Форумни Ёшлар агентлиги вилоят бошқармаси бошлиғи Муҳаммадамин Ғаниев кириш сўзи билан очиб, сўзни вилоят ҳокими Хайрулло Бозаровга берди.
Вилоят ҳокими ўз навбатида ёшларни мамлакатимизда илк бор ўтказилаётган ёшлар анжумани билан самимий муборакбод этди.
- Бугун сиз жамиятимизнинг олтин захираси бўлган ёшлар билан тарихий санада кўришиб турганимдан бағоят хурсандман. Бугун бирор бир соҳа йўқки, ислоҳот кириб бормаган бўлсин. Шу ўринда, энг катта эътибор ёшлар масаласига қаратилаётганлигини эътироф этиш керак. Илкбор ёшлар тўғрисидаги Қонуннинг қабул қилиниши, ўтган 4 йил давомида 70 га яқин қарор ва фармойишларнинг ҳаётга тадбиқ этилиши фикримиз исботидир.
Хабарингиз бор, муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев видеоселектор тарзида ўтказилган “Ўзбекистон Ёшлари форуми”нинг 30 мингдан ортиқ иштирокчиларига қарата “Сизларни Ўзбекистоннинг энг катта бойлиги, бебаҳо хазинаси сифатида қадрлайман.Биз юртимизда қандай ислоҳотларга қўл урмайлик, аввало, сиз каби ёшларга, сизларнинг куч-ғайратингиз, азму шижоатингизга суянамиз” дея мурожаат қилди.
Вилоят раҳбари вилоят ёшларига мурожаатини давлатимиз раҳбарининг “Илмни қадрланг, илмга интилинг! Бир сония ҳам вақтингиз бекор ўтмасин! Ёшлик – умрнинг энг бебаҳо даври эканини, илм, билим – ўтда ёнмайдиган, сувда чўкмайдиган, ҳеч ким сиздан тортиб ололмайдиган беқиёс бойлик эканини асло унутманг, деган сўзлари билан якунлаб, барчага омад тилади. Янги йил қутлуғ ва баракали бўлишини, келаётган йилимиз “Фарғона ёшлари йили” бўлишини тилади.
Шундан сўнг, вилоятнинг бир гуруҳ энг фаол ва ташаббускор ёшларига вилоят ҳокимлигининг Ташаккурнома ва қимматбаҳо совғалари топширилди. Ҳусусан, Фарғона вилоятида “Ёшларга оид давлат сиёсати”ни амалга оширишдаги фаол иштироки учун “Фарғонаазот” АЖ Ёшлар Кенгаши ҳам тақдирланди. Ишонамизки, бу эътироф корхонамиз Ёшлар Кенгаши 2021 йилга янада фаол бўлиб, бунданда юксак марраларни эгаллашига туртки бўлади.